ZARAFSHAN GOLDEN GROUP


рады приветствовать вас на своем сайте!

Мы предлагаем:

Строительство объектов по всему Узбекистану, товары и услуги строительства и производства для всей страны!

ГОСТИНИЦЫ "ZARAFSHAN-GRAND"


Высочайший сервис для вашего отдыха, развлечений и здоровья!

Наш девиз:

Качественное строительство для комфортной жизни и творчества!
  • Новости
  • КАМБАҒАЛЛИКНИ КАМАЙТИРИШ ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФАГА АЙЛАНИШИ КЕРАК.

Халқимизда “Бойлик мурод эмас, камбағаллик уят эмас” деган мақол бор. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда 736 миллион киши ўта камбағаллик шароитида кун кечирмоқда.Жорий йилнинг 28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлис йиғилишида аҳоли камбағаллигини тугатиш сенаторлар зиммасига юклатилган бевосита вазифа ҳисобланади, дея фикр билдирди Сенат раиси Танзила Норбоева. Ҳукуматимизда ҳам янги тизим яратилди, яъни Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилди. Демак, бу масала сенаторлар, маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз учун ҳам кун тартибидаги асосий вазифага айланган.
Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек: «Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда». Мана шу сўзларни эшитган ўзини юртга дахлдор ҳисоблаган инсон борки, виждони қийналади, ҳаловати йўқолади. Фақат Президент эмас, бошқа амалдорлар ҳам, бой-бадавлат кишилар ҳам камбағалликни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини англаб етади.
Тижорат банклари томонидан микрокредитлар ва микролизинг бериш орқали камбағалликни тугатишнинг бир йўналиши сифатида қаралади. Умуман, микромолиявий хизматлар бозорининг ривожланишида давлатнинг ўрни муҳимдир. Бу эса, кўпгина хорижий мамлакатларда ҳам алоҳида эътироф этилади. Ҳоҳ у АҚШ, Франция, Буюк Британия каби ривожланган давлатлар бўлсин ёки Литва, Польша, Венгрия каби ривожланаётган давлатлар бўлсин, микромолиявий хизматлар бозорини қўллаб - қувватлаш орқали мамлакатда тадбиркорлар синфи салмоғини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 
Европанинг ривожланиб келаётган икки давлати – Польша ва Венгриянинг микромолиявий хизматлар бозорларига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар иккала давлатда микромолиялаш институтларининг ривожланиши учун қулай муҳит яратилганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Польшада микромолиялаш хизматларини кўрсатадиган энг катта институтларидан бири “Фундуш микро” жамғармаси бўлиб, унинг филиаллари мамлакатнинг 28 та туманида фаолият кўрсатади. Мазкур жамғармалардан ташқари Польшада қишлоқ хўжалигидаги бизнесни қўллаб – қувватловчи яна иккита микрокредит жамғармаси фаолият олиб боради.
Россияда микромолиялаш хизматлари бозори ҳозирда институционал ривожланиш босқичида бўлиб, бозорда микромолиялашда узоқ ва муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ етакчилар ажралиб чиқмоқда. Лекин, микромолиялаш бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги катта номутаносиблик бу соҳада фаолият юритишни хоҳлаган янги ташкилотлар пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда.
Осиё қитъаси мамлакатларида ҳам микромолиявий хизматлар бозорини ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Бу борада микромолиявий хизматлар бозори яхши ривожланган Япония, Жанубий Корея, Бангладеш, Индонезия ва Малайзия давлатларини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг сўнги йилларида жаҳон иқтисодиётида микромолиявий хизматлар тизимини йўлга қўйиш орқали аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мумкинлиги эътироф этила бошланди. Шу ўринда Жанубий-Шарқий Осиёда жойлашган Малайзиянинг танланган стратегияси ва эришган ютуқларига эътибор қаратиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Сабаби, мазкур мамлакат кейинги йиллар давомида аҳолига микромолиявий хизматлар кўрсатиш соҳасида бой тажриба орттириб, муайян ютуқларга эришган. Малайзия банк тизими 48 та маҳаллий (9 та тижорат банклари, 11 та ислом банклари, 15 та инвестицион банклар, 11 та ривожланиш молия институтлари ва бошқа молия институтлари), 24 та хорижий банклар (14 та тижорат банки, 6 та хорижий ислом банклари ва 4 та халқаро ислом банклари)дан иборат. Малайзиядаги корхоналарнинг 99 фоизини кичик ва ўрта бизнес субъектлари ташкил этган бўлиб, уларнинг 80 фоизи микрофирмалардан иборат.
Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида Агробанк, Қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги қошидаги агентлик (MARA), Amanah Ikhtiar Malaysia (AIM) ва Tekun Nacional каби микромолиявий институтларга имтиёзли, яъни камида 10 йил муддатга фоизсиз кредитлар ажратилиб келинмоқда. Микромолиявий аҳоли ўртасида камбағалликни тугатиш ҳамда уларнинг ҳаёт даражасини ошириш мақсадида гуруҳли кредитлашни 2006 йилдан бошлаб йўлга қўйган. Гуруҳли кредитлаш аъзолари ҳар ойда камида 2 маротаба йиғилиш ўтказишлари шарт. Ушбу микрокредитлар микромолиявий ташкилотлар томонидан камида 6-10 иш кунида кўриб чиқилади. 
Малайзиянинг микромолиялаш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш натижасида Ўзбекистонда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда фойдаланилиш мумкин. Бугунги кунда таъминот масаласида муаммоларга дуч келган фуқаро ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкидаги мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда гуруҳли кредитлаш механизмини амалда жорий этилиши мақсадга мувофиқдир.
Айни пайтда юртимизда камбағалликни тугатиш юзасидан ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, улар жойларда ўрганиш, таҳлили қилиш ишларини олиб бормоқда. Назаримда, ушбу ишчи гуруҳ томонидан хорижий давлатлар тажрибаси, хусусан Малайзия давлати тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган микрокредитларнинг маълум миқдоригача (масалан, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача) бўлган суммада таъминот талаб этилмаслиги ҳақидаги нормани «Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонунга киритилиши микрокредитларнинг самарадорлигини ошишига олиб келади.
Бугун биз камбағаллик нима эканлигини билдик, англадик. Бу борадаги ҳақиқатни сир сақланишига ҳаққимиз йўқ. Чунки, тан олгандан кейин бартараф ҳам этиш керакку. Бунинг учун инсонда катта қалб, халқига чексиз меҳр, садоқат бўлиши зарур. Бунинг учун инсон ўзини ўша камбағал одамларнинг ўрнига қўя олиши, уларнинг ҳаёт машаққатини, изтиробини юрак-юрагидан ҳис эта олиши лозим. Бу аччиқ ҳақиқат балки, кимгадир ёқмас, қулоғимизга хунук эшитилар, балки чет эллардаги баъзи бировлар буни дастак қилиб олар. Булар муҳим эмас. Энг муҳими, Президентимиз жуда мушкул, жуда залворли, жуда машаққатли, жуда азобли бир юкни елкасига олди. Бу юк асрлар давомида ўрнидан силжимаган, асрлар давомида тилга олинмаган, йиллар давомида тан олинмаган, камбағаллар борлиги ҳақидаги ҳақиқат эди.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар менаторлар зиммасига катта масъулият юклаш билан бирга, жойларда аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлишни талаб этмоқда. Мен сайловчилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш учун Қизилтепа, Конимех туманлари ва Ғозғон шаҳарчаси аҳолиси билан учрашувлар ташкил қилиш жараёнида ҳали кўплаб муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Айниқса, Қизилтепа туманидаги Ҳасанча, Қалаи Азизон, Оқрабод, Маликобод, Бободўғ, Сарой, Ғамхўр, Хўжақўрғон, Ўртақўрғон ва Узилишкент маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бир қатор масалаларни жойида ечишга келишиб олинди. Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган вазифалар, депутатлар олдида турган долзарб масалалар, Сенат ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори тарғиботини олиб бориш, ёшларни илмга қизиқтириш, жиноятчиликни олдини олиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига йўл қуймаслик, оилавий ажримлар олдини олиш чораларини кўриш, бандлик каби масалалар муҳокама қилинди. Конимех тумани ва Ғозғон шаҳрида ўтказилган учрашувларда ҳам маҳаллий Кенгаш депутатларининг жамиятдаги ролини ошириш, депутатлик сўровларидан унумли фойдаланиш, эътиборни аҳолининг ҳақли талабларини ўз вақтида ҳал қилишга қаратиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Албатта, юртдошларимиз биз каби тадбиркорлардан ишсизликни камайтириш, умуман ёшларни бандлигини таъминлаш масалаларини ҳал этувчи лойиҳалар билан иштирок этишимизни кутади. Шу боис Қизилтепа, Нурота ва Конимех туманларидаги етти нафар кам таъминланган, кўп болали аёллар учун тикув машиналар бепул тарқатилиб, улар бандлигини таъминлаш мақсадида касаначилик асосида ишлаши учун шароит яратиб берилди. Туманлардаги олис қишлоқларда жойлашган мактабгача таълим ташкилотларига жажжи фарзандларимиз учун ўқув қуроллари ва мактаб ўқувчиларига бадиий китоблар совға қилинди.
Навоий вилоят кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида бўлиб, тарбияланувчи болалар билан суҳбат қуриб, улар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Келгусида ўқувчилар учун сунъий қопламали спорт майдончаси қуриб беришни мақсад қилиб, ҳозирда қурилиш жараёнлари бошланиш арафасида.
Яқинда Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлиб, янги лойиҳалар ва ғоялар билан қайтдик. Туркиянинг “Serasan Yapi Teknik” қишлоқ хўжалиги ва инжиниринг иссиқхоналар маркази ҳамда “Varnet Glass Greenhouse Systems” компанияси билан компаниямиз ўртасида 10 миллион АҚШ долларлик ҳамкорлик битими имзоланди. Яқин келажакда вилоятимизда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг энг замонавий, инновацион усуллари асосида ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этган ҳолда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ташкил этилади. Мазкур лойиҳалар орқали агробизнеснинг кластер моделини тадбиқ этиш ва юртимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшишдан иборат.
Ўйлайманки, жамиятимизнинг барча қатламлари, жумладан биз каби тадбиркорлар ҳам келгусидаги фаолиятини тўғри ташкил этиб, аниқ мақсадларни кўзлаган лойиҳаларни амалга оширсак, Президентимиз томонидан инсонпарварликка йўғрилган ғояни — камбағалликни тугатиш масаласига биргаликда ечим топамиз.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати аъзоси, тадбиркор.

Добро пожаловать в Zarafshan Golden Group!

Группа высокотехнологичных компаний по производству строительных материалов, текстиля, услуг в сфере строительства, гостиничного и ресторанного бизнеса!